Бугун 16.03.2022йил Ўзбекистон Реcпубликаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази томонидан йўлга қўйилган “English for Science” лойиҳасининг якуний сарҳисоби ва иштирокчиларни сертификат билан тақдирлаш бўйича тадбири бўлиб ўтди.
Ушбу лойиҳада муаффақиятли иштирок этган республикамизнинг турли соҳалари вакиллари, шу жумладан тиббиёт, биология, химия, иқтисодиёт, агротехнология соҳаларида фаолият олиб борувчи олимлар, изланувчилар, докторантлар 3 боскичда, яъни “General English”, “Academic writing”, “Grants and Scholarships” йўналишда жами 9 ой давомида ўз билим кўникма-малакаларини оширдилар.
“English for Science” лойиҳаси натижасида академик инглиз тили бўйича билим ва кўникмаларини оширган 200 нафар иштирокчи халқаро журналларда 229 та мақола чоп эттирди, 183 та тезис халқаро конференцияларга тақдим этилди, 100 та халқаро грантлар учун ариза топширилди.
Улар орасида Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юкумли ва паразитар касалликлар илмий амалий тиббиёт марказимиз докторант ёш олимлари Жалолиддин Туйчиев, Дилшода Ахмедова, Нурлан Динмухаммадиев хам Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан сертификат билан тақдирланганлари Марказимизнинг илм-фан йўналишида эришилган ютуқларидан бири деб мамнунлик билан қайд қилишимиз мумкин.
Таъкидлаш жоизки, лойиҳа туфайли Scopus ва Web of Science халқаро илмий маълумотлар базаларида индексланган илмий журналларда чоп этилган мақолалардаги Ўзбекистоннинг улуши сезиларли даражада ошди, бу эса 2030йилга қадар илм-фанни ривожлантириш концепциясида белгиланган мақсадларга эришишга хизмат қилади. Дастур жорий йилда ҳам давом этади. Эндиликда нафақат пойтахтда, балки вилоятларда ҳам “English for Science” пилот лойиҳаси шаклида ўқитувчиларнинг малакасини ошириш режалаштирилган. Масофавий таълим дастурини ташкил этиш учун электрон платформа ҳам яратилиши режаланган.