Ҳар бир ота-она ўзидан соғлом зурриёд қолдиришни истайди. "Фарзандларим тўрт мучаси саломат бўлиб дунёга келсин", дея ният қилади. Аммо бунга эришиш нафақат орзу-ҳавас, балки оқилона саъй-ҳаракатларимизга ҳам боғлиқ.
Бу мавзуда ёзишимизга Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасида гувоҳ бўлганимиз манзаралар сабаб бўлди. Негаки, бу ерда катталару болалардан ташқари, ҳомиладор аёллар ва чақалоқлар ҳам даволанмоқда.
Жажжи вужудига санчилган игна оғриғидан чинқираётган гўдаклар йиғиси юракларни эзади. Ёки қорнидаги 5-6 ойлик ҳомиласидан айрилиб қолган баъзи аёлларнинг ҳам қайғу-изтироб, ҳам хасталикдан дард чекаётганини кузатиш жуда оғир.
Шунга қарамай, шифокорлар бор куч-ғаратини ишга солиб, она-болаларни уйларига соғлом жўнатишнинг уддасидан чиқишмоқда. Масалан, жорий йилнинг январь ойидан то бугунги кунгача Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасида 360 нафар чақалоқ дунёга келди. Айни пайтда бу ерда туғилиб, муолажа олаётган 17 нафаридан ташқари, қолганларининг ҳаммаси ўз хонадонларида соғлом улғайишмоқда. Шунингдек, бу ерда даволанган 2379 аёлнинг хасталикдан тўлиқ халос бўлиб оиласи бағрига соғ-омон қайтгани қувонарли ҳолат аслида.
— Ҳомиладорлар патологияси бўлими 80 ўринга мўлжалланган, — дейди мазкур бўлим мудири Баҳодир Аллаяров. — Беморларимизнинг тузалиш муддати ўртача 10-12 кунни ташкил этади. Ҳомиладорликнинг 22-32 ҳафтасида аёлларда қон қуюқлашиши ҳолати кузатилиши маълум. "COVID-19" эса ана шу жараённи янада кучайтириб юборади. Бу эса беморлар ҳаёти учун хавфли. Шунга қарамай, тегишли муолажалар ва шифокорларимиз саъй- ҳаракатлари билан аёлларимизни ҳомиласига зарар етказмаган ҳолда даволашга эришяпмиз.
Аммо жонлантириш бўлимида ўта оғир аҳволдаги опа-сингилларимиз ҳам бор. Масалан, фарғоналик А.Содиқова ҳомиладорликнинг катта муддатида касалхонага 70 фоиз ўпка зарарланиши билан ётқизилган. Бу орада беморнинг қил устида турган ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳомиласини олиб ташлашга тўғри келган. Давомли муолажалардан сўнг айни кунда унинг аҳволи ўрта оғир даражада. Тошкент вилоятилик Д.Ўринбоева ҳам шундай қисмат эгаси. Ўпкаси 90 фоиз зарарланган бемор ҳомиласидан айрилганидан ташқари, томоғига жойланган найча орқали нафас олишга мажбур.