Тренинг очилишида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Сунджин Пак раҳбарлигидаги мазкур агентлик вакиллари ҳамда Кореядаги машҳур Ёнсей университети профессорлари, шунингдек, Корея халқаро ҳамкорлик хизмати (KOICS) директори Жинсуб Хан раҳбарлигидаги экспертлар гуруҳи иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида юқумли касалликларини назорат қилиш бўйича тегишли ташкилотлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик саломатлиги хизмати, Тошкент тиббиёт академияси, Вирусология илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий хизматчиларининг касбий малакасини ривожлантириш Маркази мутахассислари қатнашдилар.
Тренинг очилишида KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Сунджин Парк ҳамда Тошкент тиббиёт академияси ректори Алишер Шодмонов сўзга чиқди.

¬– Корея Ҳукумати ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлигини мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришни ва ахборот алмашиш, мулоқотлар ҳамда халқаро ҳамкорликлар учун ўз вақтида ва замонавий ўзига хос майдон бўлувчи мазкур тренингни ташкил этгани учун вазирлигимиз номидан миннатдорлик билдираман, – деди А.Шодмонов.
– Олиб бораётган биргаликдаги фаолиятимиз конструктив руҳда ўтади ва Ўзбекистон билан Корея ҳамда бошқа мамлакатлар ўртасидаги турли йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бугунги семинар айнан мана шундай ёндашувлар ва таклифларни илгари суриш учун ташкил этилган.
Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур Дастурнинг аҳамиятли жиҳатларига, хусусан, Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ҳамкорлиги вақт синовидан ўтиб, ишончли стратегик шериклик даражасига чиққанлиги алоҳида таъкидланди. Дарҳақиқат, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари чорак асрлик тарихга эга.
Ўзбекистонда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилиши ҳамда жамият ва сиёсий барқарорликнинг таъминланиши натижасида Ўзбекистон бозор иқтисодиёти жадал тараққий этаётган саноатлашган давлатга айланмоқда ва шубҳасизки, бу жараёнда Корея Республикаси ўзининг беғараз ёрдам лойиҳалари, илмий соҳада тажриба алмашишлар бўйича қўшма дастурлари, инвестициялари билан фаол иштирок этиб келмоқда.

KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида шериклик муносабатлари 1995 йилда Ўзбекистон – Корея дўстлик клиникасини ташкил қилиш лойиҳаси билан бошланган эди. Шундан буён KOICAнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан Вазирлик ҳамкорлигида кўплаб лойиҳалар ҳаётга жорий қилинди. Ҳамкорликнинг биринчи босқичида жумладан, «Тез тиббий ёрдам тизимини яхшилаш», “Юқумли касаллик билан оғриган беморларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш” лойиҳалари амалга оширилди.
2013-2019 йилларга мўлжалланган ҳамкорликнинг иккинчи босқичида юқумли касаллик билан оғриган беморларни диагностика қилиш сифатини ошириш – сув ва озиқ-овқат орқали келиб чиқадиган касалликларнинг эпидемиологик назоратини кучайтириш бўйича лойиҳалар ҳаётга жорий қилинди. Айни пайтда болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази тиббий ходимларининг малакасини ошириш марказини ташкил этиш бўйича дастур давом этмоқда. Мазкур лойиҳа 2018-2023 йилларга мўлжалланган.
Бундан ташқари, 2020 йилда Ўзбекистонда COVID-19 пандемиясининг салбий оқибатларига қарши курашиш ҳамда тезкор чора кўриш дастури амалга оширилмоқда.
Қолаверса, KOICA ваколатхонаси билан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида имзоланган ўзаро тушуниш тўғрисидаги Меморандумга мувофиқ ушбу дастур KOICA агентлиги, Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик саломатлиги хизмати, Вирусология илмий-тадқиқот институти, Миллий болалар тиббиёт маркази ва бошқа тегишли тиббий муассасалар ҳамкорлигида муваффақиятли амалга оширилди.

2021 йилда ҳам Ўзбекистон Республикасида COVID-19 га қарши тезкор чоралар кўриш комплекс дастурини ҳаётга жорий қилиш учун Корея Республикаси ҳукумати томонидан 5,0 миллион АҚШ доллари ажратилган. Ушбу маблағнинг 4,57 миллиони соғлиқни сақлаш йўналишида сарфланади.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда KOICA ҳамкорлигида Ўзбекистонда юқумли касалликларнинг олдини олиш ва қарши курашиш юзасидан қуйидаги компонентлар бўйича бир қатор дастурлар ишлаб чиқилган. “Юқумли касалликларни назорат, диагностика қилиш ва олдини олиш ҳамда даволаш соҳасида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бошқарув аппарати имкониятларини мустаҳкамлаш”, “Юқумли касалликларнинг лаборатория диагностикаси учун сифатли назорат тизимини яратиш”, “Юқумли касалликлар ва эмлаш жараёнини мониторинг қилиш миллий тизимини яратиш” каби лойиҳалар шулар жумласидан.
Таъкидлаш жоизки, бугунги тақдим этилган дастур бўйича тадбирларда KOICA билан бирга кореялик мутахассислар ҳам иштирок этади. Тадбирларда “Талабалар ва ўқитувчилар учун юқумли касалликларни эпидемиологик текширишни такомиллаштириш бўйича онлайн-ўқув материалларидан фойдаланган ҳолда ўқув дастурларини ишлаб чиқиш”, “Хоналарда ҳавога ва буюмлар юзасига вирус тарқалишини ҳамда COVID-19 ни даволовчи ихтисослаштирилган касалхоналарда шахсий ҳимоя воситаларини баҳолаш” “COVID-19 га чалинган юрак хасталиги бор аёлларнинг ҳомиладорлик ва туғруқ жараёни хавфсиз ўтишини олдиндан прогнозлаштириш учун маркерларни аниқлаш” кабилардир.
Тренинглар икки ҳафтага мўлжалланган бўлиб, кореялик мутахассислар томонидан онлайн ва офлайн кўринишида олиб борилади.