post image

Марказ мутахассислари Хоразм вилояти Богот туманида

Хоразм вилояти Боғот туманига бириктирилган масъул -Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт Маркази директори  Б.М.Таджиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан томонидан ўрганилган йўналишлар ва амалга оширилган ишлар тўғрисида  

МАЪЛУМОТ

I. БИРЛАМЧИ ТИББИЙ САНИТАРИЯ ХИЗМАТИ

1. Ҳудуднинг бирламчи тиббий-санитария муассасалари тўғрисида умумий маълумот.

Бугунги кунда Боғот туманида - 169486 нафар аҳоли 43 та маҳаллаларда истиқомат қилади. Туманда  1та  марказий шифохона,  1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 8 та Оилавий поликлиника ва 1 та оилавий шифокорлик пунктлари аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Ҳозирги кунда туманда 2 та оилавий шифокорлик пунктларини ташкил қилиш ишлари олиб борилмоқда. Туман миқёсидаги барча тиббиёт муассаларида 252 нафар шифокор, 1060 нафар ўрта тиббий ходим ва 426 нафар кичик тиббий ходим фаолият юритади. Ҳозирги пайтда туманда жами 21,25 ставка  вакант шифокорлик  лавозими мавжуд, шундан 5,25 та ТТЁ врачи, 3,0 та  оилавий шифокор, 4,0 та врач-лаборант, 2,0 та хирург, врач экг 1,0 та, врач эндокринолог 1,75 та, 1,0 фтизиатр, 1,0 ВТЭК шифокори, 1,0 ст аллерголог, логопед 1,0 ст,  2-ОП 0,5 УТТ, 4-ОП 0,5 УТТ, 8-ОП  0,5 ст УТТ врачи  мутахассисига эҳтиёж бор.

 

2. Аҳолига тиббий хизматни яқинлаштириш мақсадида ташкил этилиши режалаштирилган маҳалла тиббий пункти, оилавий шифокорлик пунктлари  ҳақида.

Туманда 2022 йилда 2 та ОШП ташкил қилиш режалаштирилган, Найман қишлоғи Тозабозор маҳалласидаги Огаҳий ОШП ва Деҳқонбозор қишлоғи Ўзгариш маҳалласидаги Ўзгариш ОШП олдинги ҚВПлар биносида ташкил қилинади. Ҳозирги кунда уларнинг биноларини реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Оилавий поликлиника  ва оилавий шифокорлик пунктларидан олис ҳудудларда аҳолига тиббий хизматни яқинлаштириш мақсадида Боғот  туманида қуйидаги 7 та Маҳалла фуқаролари йиғинларида контейнерлар ўрнатиш учун махсус жойлар ажратилиб, контейнер ўрнатилишига тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Булар:

 1.Саховат МФЙ,

 2.Қалажиққала МФЙ

 3.Қорабоғ МФЙ

 4.Намуна МФЙ

 5.Наврўз МФЙ

 6.Маънавият МФЙ

 7.Гулзор МФЙ

 

3. Мавжуд ОШП, ОП ва КТМПда кундузги стационар ўринлар фаолиятини йўлга қўйилганлиги. Ушбу муассасаларда шифокор олди кўрик хонаси ва Фитобарлар ташкил этилиши. Тиббий ҳужжатларнинг юритилиши.

Тумандаги 10 та БТСЁ муассасасидан барчасида жами 103 та ўринлик кундузги стационар ташкил қилинган бўлиб, шундан  кўп тармоқли марказий поликлиникада- 20 та, 8 та Оилавий Поликлиника ва 1та оилавий шифокорлик пунктида -83 та ўрин фаолият кўрсатмоқда. 2022-йилнинг ўтган 5 ой давомида кундузги стационарда жами 2650 нафар  бемор даволанган.

Кўп тармоқли марказий поликлиника, 8 та оилавий поликлиника ва 1 та оилавий шифокорлик пунктларида шифокор олди хоналар ташкил этилган.

Шунингдек, 8 та оилавий поликлиника ва 1 та оилавий шифокорлик пунктларидан  фитобарлар ташкил этилган.

4. 120 турдаги дори воситалари, стоматологик сарфлов воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминот

        Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Кўп тармоқли марказий поликлиника, ОП ва ОШП ларда Соғликни Сақлаш Вазирлигининг 63-сонли буйругига асосан тасдиқланган 120 турдаги дори-дармон ва тиббий буюмлардан 72 турдаги дори-дармон, 24 турдаги тиббий буюмлар ва 16 турдаги стоматологик буюмлар мавжуд. 1 та ОШП да стоматологик хиссаси йўқлиги сабабли 96 турдаги дори воситалари ва боғлов материаллари билан таъминланган.

II. CТАЦИОНАР ХИЗМАТ

1. Туман тиббиёт бирлашмасининг умумий ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишлар.

      Боғот туман тиббиёт бирлашмаси 1990 йилдан бери фаолият кўрсатиб келмокда. Тиббиёт бирлашмада 355 ўрин мавжуд бўлиб, шундан 325 ўрин бюджет, 30 ўрин хўжалик хисобидаги ўринлардан иборат.

Муаммо ва таклифлар:

  1. Тиббий жихозлар билан тўлик таъминлаш
  2. Шифокор вакансия ўринларини тўлдириш
  3. Тиббиёт бирлашмада шифокорлар тоифаланишини 66% дан йил охиригача 70% га кўпайтириш

 

Боғот туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонасида аниқланган камчиликлар:

  1. Баъзи касаллик тарихларида операцияга бемор ёки унинг қариндошидан  розилик хати олинмаган.
  2. Дори воситалари муолажа варакасида кирилл ҳарфларида ёзилган.
  3. Айрим касаллик тарихларида қон гурухи ва резус фактор ёзилмаган.
  4. Даволаш протокол ва стандартларига тўлиқ риоя қилинмаган.
  5. Касаллик тарихларида беморга дори воситасини буюрилиши баъзи ҳолатларда асослантирилмаган

 

 

2. Туманда Республика ихтисослаштирилган марказларидан ташриф буюрган мутахассислар иштирокида аҳолини тиббий кўриклардан  ўтказиш, беморларни аниқлаш ва уларни туман, вилоят ва республика даражасида даволашни ташкил этиш.

Туманда Республика ихтисослаштирилган марказлар мутахассислари иштирокида 580 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, шулардан 545 нафарига туман тиббиёт бирлашмасида, 32 нафарига вилоят тиббиёт муассасаларида ва 3 нафарига республика ихтисослаштирилган  тиббиёт марказларида даволаниш белгилаб берилди.

 

3. Туманда ихтисослаштирилган хизматни ривожлантириш юзасидан амалга оширилган ишлар.

       Ҳозирги кунда Боғот туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонада таркибида Кардиология бўлими - 20 ўрин, Неврология бўлими -20 ўрин, 35 ўринлик Терапия бўлимида 5 ўрин эндокрин беморлар учун ажратилган ва фаолият кўрсатмоқда.

 

4. Кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарадорлиги,  амалдаги клиник баённома ва стандартларга риоя этилаётганлиги, бирламчи тиббий ҳужжатларнинг юритилиши.

       Туман Тиббиёт Бирлашмасига қарашли марказий шифохонасида барча тиббий ҳужжатлар  Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 31 декабрдаги 363-сонли “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги барча даволаш-профилактика муассасаларида юритиладиган тиббий ҳисоб хужжат шаклларини такомиллаштириш тўғрисида”ги буйруғига мувофиқ  юритилмоқда. ОП ва ОШПларда эса Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 17 январдаги 16-сонли “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги амбулатор-поликлиника муассасаларида юритиладиган тиббий ҳисоб ҳужжат шаклларини такомиллаштириш тўғрисида”ги–буйруғи асосида юритилмоқда.

Даволаш-диагностика жараёнлари Соғликни сақлаш вазирлигининг 273-сонли буйруғи билан тасдиқланган клиник протокол ва  стандартларга асосан ташкил этилган.

6. Аҳолининг репродуктив саломатлиги, оналар ва гўдаклар ўлими сабаблари ва уларни бартараф этиш чоралари, туғруқ комплекслари ва болалар шифохоналари фаолиятини ўрганиш ва таҳлилий материаллар тайёрлаш

2021 йил дастлабки 5 ой  давомида 13 нафар гўдаклар ўлими қайд қилинган бўлса, 2022 йил ўтган 5 ой  даврида- 14 нафарни ташкил қилиб, 1 тага ошган. 2021-йил 1 нафар оналар ўлими содир бўлган бўлган, 2022 йил 5 ойда оналар ўлими содир бўлмаган.

           

   Болалар ўлимини нозологик структураси

 

2022 йилнинг ўтган 5 ой давомида вафот этган 14 нафар гўдакларни нозологик структураси таҳлил қилинганда:

  1. Чақалоқлар перинатал даври хасталикларидан- 4 нафар – 28,6 %
  2. Нафас системаси касаллигидан  - 6 нафар – 42,8 %
  3.  Инфекциялар натажасида -2 нафар  – 14,3 %
  4.  Туғма аномалия оқибатида – 2 нафар – 14,3 % ташкил қилган.

Яъни энг кўп ўлим ҳолатлари перинатал даврда содир бўлган ва перинатал ўлим кўрсаткичини камайтириш мақсадида неонатолог шифокорлар, акушер шифокорлар, оилавий шифокор ва ҳамшираларнинг касб малакаларини мунтазам равишда ошириш чораларини кўриш тавсия қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлигининг 2021 йил 28 июндаги “Ўзбекистон Республикасида Перинатал тиббий ёрдамни максадли йўналтириш тўғрисида” 151-сонли буйруғи  ижросини таъминлаш мақсадида Хоразм вилоятида Боғот ва Янгибозор туманларида туманлараро перинатал марказлар фаолиятини йўлга қўйиш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу туманлар тиббиёт бирлашмаларига қарашли туғруқхоналарнинг моддий техника базаси мустаҳкамланиб, тиббий жиҳозлар билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. Туманлараро марказ ходимлари малакасини ошириш учун Вилоят перинатал марказида ўқитиш ишлари йўлга қўйилган. Вилоят перинатал марказ ходимларидан иборат тренерлар томонидан акушер-гинекологлари, неонатаологлар, доя ва ҳамширалар тизимли режа асосида тематик мавзуларда ўқитилиши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Соғликни Сақлаш вазирлигининг 2021 йил 28 июндаги “Ўзбекистон Республикасида Перинатал тиббий ёрдамни максадли йўналтириш тўғрисида” 151-сонли буйруғига мувофиқ, Боғот туман туғруқ комплекси негизида туманлараро перинатал маркази  ташкил этилган бўлиб, Боғот тумани ва қўшни Хазарасп, Тупроққала, Янгиариқ ва Хонқа тумани ҳудудлари аёлларига тиббий хизмат  кўрсатмоқда.

Боғот туман тиббиёт бирлашмасида акушерлик ва гинекологик хизмати қуйидаги бўлимларда амалга оширилади:

  1. Туғруқ бўлими- 45 ўрин
  2. Хомиладорлар патологияси бўлими-20 ўрин
  3.  Гинекология бўлими- 20 ўрин
  4. Туғруқ реанимацияси бўлими- 6 ўрин
  5. Чақалоқлар патологияси бўлими-5 ўрин

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил майдаги ПҚ-216-сонли Қарори асосида чақалоқлар реанимацияси бўлимини ташкил қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Боғот туман туғруқ комплекси  бўлим мудири Д.Ш.Муратов -  иш стажи 14 йил, 1-тоифали. Охирги марта 2021 йилда малака оширган. 1,5 ҳиссада ишлайди. Бўлим бошлиғининг 2022 йилга мўлжалланган иш режаси ишлаб чиқилган.

 Бўлимда: врачлар жами -23 нафар, шулардан акушер-гинеколог 12 нафар, неонотологлар - 6 нафар, реаниматологлар - 5 нафар, терапевт - 1 нафар фаолият олиб бормоқда. Ўрта тиббий ходимлар жами доя-39 нафар, ҳамшира-83 нафар, лаборант-7 нафар. Врачларнинг 15 нафари - олий тоифали, 4 нафари- 1 тоифали, 1 нафари -иккинчи тоифали, 5нафари - тоифасиз. Ўрта тиббий ходимларнинг 34 нафари олий, 17 нафари биринчи, 28 нафари иккинчи тоифали ва 43 нафари – тоифасиз.

Туғруқ хоналарининг туғруққа тайёргарлиги: ҳамма туғруқ хоналарида “Қон кетишга карши”,”Чақалоқлар реанимацияси алгоритми”, “Шокка қарши”, “Преэклампсияда биринчи ёрдам” жамланмалари ташкил килинган, биринчи ёрдам чоралари қадамма-қадам ёритилган. Туғруқхонада миллий стандартлар асосида маҳаллий протоколлар ишлаб чиқилган, барча протоколлар 2022 йилда қайта кўриб чиқилган. Протоколларни махаллийлаштиришда ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда баъзи ўзгартиришлар киритиш тавсия қилинди.

 

III. СКРИНИНГ ДАСТУРЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

Боғот туманида жами 169459 нафар аҳоли бўлиб, шундан  40239 (20,2%) нафарини 40 ёшдан ошган аҳоли ташкил қилади.

2022 йилнинг 5 ойи давомида улардан  15809 нафари (43,0%)  тиббий скринингдан ўтказилди, шулардан  2593 нафари (16,4%) да ортиқча вазн аниқланди, 2847 нафари (18,0%) да меъёрдан юқори қон босими аниқланди, 958 нафари (6,1%)  қонида қанд миқдорининг меъёрдан баландлиги аниқланди, 612 нафари (3,9%) қонида холестерин миқдорининг меъёрдан баландлиги аниқланди.

Шунингдек, уларнинг орасида қуйидаги касалликлар ҳаётида бирламчи марта аниқланди, жумладан 779 нафари (4,9%) да семизлик, 781 нафари (4,9%) да кардиологик касалликлар, 314 нафари (2,0%) да қандли диабет касаллиги аниқланди.

Ушбу аниқланган бемор фуқароларни диспансер ҳисобига олинди, уларни амбулатор ва стационар шароитда туман, вилоят, республика даражасидаги тиббиёт муассасаларида соғломлаштириш чоралари кўрилди.

2022 йил 17-июн куни ССВ ишчи гуруҳи аъзолари - РИЭМЮПКИАТМ директор ўринбосари М.С.Мадаминов ва илмий ходими И.Б.Ражабов томонидан Боғот туманидаги ОП, ОШП, КТМП лаборантлари ва инфекционист шифокорлари иштирокида тренинг-семинар ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 16-майдаги ПҚ-243-сонли Қарори ва ССВнинг 2022 йил 30-майдаги №154-сонли буйруқлари мазмуни тушунтирилди, вирусли гепатит В,С экспресс тест текширувларини ўтказиш техникаси ва унинг натижаларини http://gepatit.ssv.uz сайтига киритиш тартиблари батафсил тушунтирилди. Бу ишларни туман КТМП да жорий қилиш режалаштирилди.

 

IV.СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ ВА ЖИСМОНИЙ ФАОЛЛИК

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 10-ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таьминлаш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ 4887-сонли қарори ижросини таьминлаш борасида Боғот туман аҳолисининг соғлом турмуш тарзини қўллаб қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази томонидан 2022-йилга мўлжалланган иш режаси ва чора-тадбирлар режаси тузилган. Ушбу режа асосида маҳаллаларда, 10-2-7-11-сонли мактабгача таълим муассасаларида  ва тиббий кўриклар ташкил этилган жойларда бўлим ходимлари томонидан соғлом овқатланиш столлари ташкил этилиб, соғлом турмуш тарзи тарғиботи мавзусида 100 та учрашув ташкил этилган, учрашув тадбирларида мавзуга хос буклет ва эслатмалар тарқатилган, тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилган ҳамда  ижтимоий тармоқ  орқали  65 та тадбир узатилган, 1 та мақола, 6 та радио эшиттириш,3 та телевиденияси чиқиш қилди.

Жорий йилнинг ўтган 5 ой давомида ўрта таълим мактабларда 680 нафар тингловчиларга -22 та саломатлик дарслари, 5028 нафар тингловчилар билан  418  маротаба  учрашувлар  ташкил этилган. 13392 нафар тингловчилар билан 6691 маротаба соғлом турмуш тарғиботи иавзуларида давра суҳбатлари ўтказилган.

 

V.МУРОЖААТЛАР

Боғот туманидан 2022 йилнинг ўтган 5 ой давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти портали орқали 70 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг барчаси 100% ўз муддатларида ўрганилган, 45 фоизи ижобий ҳал қилинган, қолганларига асосланган тушунтиришлар берилган.

 Тиббиёт тизимига оид жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўрганиш, таҳлил қилиш, мурожаатларни камайтириш юзасидан амалий чоралар кўрилган.

VI.ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИНИНГ МОДДИЙ ТЕХНИКА БАЗАСИ ҲОЛАТИ

        Боғот туман тиббиёт бирлашмасининг 2022 йилги бюджети 58 млрд, 917 млн сўмни ташкил қилади. Шундан:

       1 - гуруҳ иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар учун  41 млрд 175 млн сўм;

      2- гуруҳ ягона ижтимоий тўлов 10 млрд 204 млн сўм

      4- гуруҳ харажатлари учун 7 млрд 538 млн сўм. Шундан: озиқ - овқат харажатлари учун -  1 млрд 519 млн сўм. Дори - дармон харажатлари учун - 2 млрд 417 млн сўм, Коммунал тўловлар ва бошқалар учун -  3 млрд 602 млн сўм.

 

         Боғот туман тиббиёт бирлашмасида 2021 йил давомида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида бюджет маблағлари ҳисобидан тиббиёт бирлашмасининг 4-сонли ОП биноси реконструкция қилинган, Маданият ОШП биноси 40,0 млн сўмлик, туманлараро Гемодиализ бўлими 115 млн сўмлик бюджет маблағлари хисобидан жорий таъмирланган.

2022 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2 та ОШП бинолари реконструкция ва капитал таъмирланиши режалаштирилган. Шунингдек тиббиёт бирлашмасига қарашли биноларни жорий таъмирлаш учун 181 млн сўм маблағ ажратилган.

2022 йилда БТСЁМ лар учун 33 дона 214 млн 263 минг сўмлик МОНОБЛОК ва 3 турдаги 26 дона  45 млн 115 минг сўмлик принтер олинган. Ўтган йили БТСЁМ лар учун “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами фаолиятини такомиллаштириш лойиҳаси” асосида  7 дона 62 млн  952 минг сўмлик ЭКГ аппарати ва 7 дона 730 млн 905 минг сўмлик УТТ аппаратлари  олинган.                     

Шунингдек 2022 йилда марказлашган манбалар ҳисобидан  2 турдаги 260 млн 549 минг 451 сўмлик тиббиёт аппаратлари (туманлараро перинатал марказга- сунъий нафас аппарати ва КТМПга- анализатор флюоросцент аппарати) олинган.

2022 йилда марказий шифохона биносидаги лифтларни таъмирлаш учун “Очиқ бюджет” дастури асосида 150 млн сўм ажратилган ва таъмирлаш ишлари бошланган.

Тиббиёт бирлашмасида 4 та бўш турган бинолар учун мулк қўмитаси орқали 3 томонлама ижара шартномалари тузилган. 

Шартномалар бўйича тўловлар тиббиёт бирлашмасининг махсус ҳисоб рақамига келиб тушяпти.

VII.Оммавий ташкилий тадбирлар

Бирлашмада ишлаётган тиббиёт ҳодимлари маънавий дам олиши учун 2022 йилда 2 марта  Қорақалпоғистон Республикаси Султон Увайс бобо зиёратгохига,   1 марта Самарқанд ва Бухоро  вилоятларига,  “Етти пир маршрути” бўйича зиёратлар ташкил этилган. Шунингдек, 300 нафар тиббиёт ходимлари бепул равишда бирлашма ва касаба уюшма маблағлари ҳисобидан Огаҳий театрида концерт ва театр спектакл томошаларига бориб дам олишлари ташкил қилинди.

 

VIII.ТАКЛИФЛАР

  1. 103 хизматидаги эскирган ДАМАС автомашиналарини янгилаш
  2. 10 та БТСЁ муассасаларини физиотерапия аппаратлари ва лаборатория анализаторлари билан таъминлаш.
  3. Туманлараро перинатал марказга 25 ўринлик қўшимча бино қуриш.
  4. КТМПни флюорография рентген аппарати билан таъминлаш.
  5. Ихтисослашган кардиология бўлими моддий техника базасини мустаҳкамлаш, ЭхоКГ, холтер мониторинг аппаратлари билан таъминлаш.

 

                  Ишчи Гуруҳ раҳбари:                           Таджиев Б.М.