Маълумки, ҳар йили дунёда 28 июль — Халқаро гепатитга қарши курашиш куни сифатида кенг нишонланади.
Бундан кўзланган асосий мақсад сайёрамиз аҳолисининг мазкур хасталикка бўлган эътиборини янада кучайтириш ва касаллик ҳақидаги хабардорлигини оширишдан иборат.
Шу муносабат билан айни дақиқаларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Вирусология илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида конференция ўтказилмоқда.
Унда вазирлик масъуллари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, соҳа олимлари ҳамда экспертлар иштирок этяпти.
Қайд этилганидек, ҳар йили дунёда 1,2 миллион нафарга яқин одам гепатит B ва камида 1 миллион нафар киши гепатит C вируси билан касалланмоқда. Маълумотларга кўра, йилига 1,3 миллион нафар инсон гепатит B инфекцияси, 350 минг нафардан ортиқ бемор эса гепатит C асоратлари туфайли вафот этади.
Ҳозир юртимизда ушбу хавфли касалликни ўз вақтида профилактика ва диагностика қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2022 йил 16 майдаги тегишли қарорига мувофиқ, ҳудудлардаги оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда гепатитнинг В ва С турларини эрта аниқлаш мақсадида бепул скрининглар ўтказиляпти.
Хусусан, 2025 йилнинг 1 июлига қадар юртимизда 1 миллион 595 минг нафардан зиёд аҳоли мазкур текширувлардан ўтказилиб, касалликнинг С тури тасдиқланган беморларга “Даклатасвир” ва “Софосбувир” дори воситалари бепул берилмоқда.